РЕСПУБЛИКА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ХИРУРГИЯ ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ТИББИЁТ МАРКАЗИ ҲУЗУРИДАГИ ИЛМИЙ ДАРАЖАЛАР БЕРУВЧИ DSc.06/2025.27.12.Tib.08.01 РАҚАМЛИ ИЛМИЙ КЕНГАШ
АКАДЕМИК В. ВОҲИДОВ НОМИДАГИ РЕСПУБЛИКА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ХИРУРГИЯ ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ТИББИЁТ МАРКАЗИ
ИСМАТОВ АБДУЛЛА АТАУЛЛАЕВИЧ
ЮРАК ИШЕМИК КАСАЛЛИГИ МИТРАЛ КЛАПАН ЎРТА ОҒИРЛИКДАГИ ЕТИШМОВЧИЛИГИ БИЛАН: ЖАРРОҲЛИК ДАВО УСУЛЛАРИНИ ОПТИМАЛЛАШТИРИШ
14.00.34 - Юрак-қон томир хирургияси
ТИББИЁТ ФАНЛАРИ БЎЙИЧА ФАЛСАФА ДОКТОРИ (PhD) ДИССЕРТАЦИЯСИ АВТОРЕФЕРАТИ
ТОШКЕНТ - 2026
Фалсафа доктори (PhD) диссертацияси мавзуси Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида B2023.1.PhD/Tib3422 рақам билан рўйхатга олинган.
Диссертация Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида бажарилган.
Диссертация автореферати уч тилда (ўзбек, рус, инглиз (резюме)) Илмий кенгашнинг веб-саҳифасида (www.rscs.uz) ва «ZiyoNet» Ахборот таълим порталида (www.ziyonet.uz) жойлаштирилган.
| Илмий раҳбар: | Ярбеков Рустам Раимкулович тиббиёт фанлари доктори |
| Расмий оппонентлар: | Бахритдинов Фазлитдин Шамсутдинович тиббиёт фанлари доктори, профессор Казарян Артак Варужанович тиббиёт фанлари доктори |
| Етакчи ташкилот: | Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти |
Диссертация ҳимояси Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.06/2025.27.12.Tib.08.01 рақамли илмий кенгашнинг 2026 йил «___» ____________ соат ____ даги мажлисида бўлиб ўтади (Манзил: 100115, Тошкент шаҳри, Кичик ҳалқа йўли кўчаси, 10-уй. Тел.: (+99871) 277-69-10; факс: (+99871) 277-26-42; электрон почта: cs.75@mail.ru).
Диссертация билан Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Ахборот-ресурс марказида танишиш мумкин (216 рақами билан рўйхатга олинган). Манзил: 100115, Тошкент шаҳри, Кичик ҳалқа йўли кўчаси, 10-уй. Тел.: (+99871) 277-69-10; факс: (+99871) 277-26-42.
Диссертация автореферати 2026 йил «___» ____________ куни тарқатилди.
Ф.Г. Назиров
Илмий даража берувчи Илмий Кенгаш раиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор, академик
С.А. Бабаджанов
Илмий даража берувчи Илмий Кенгаш илмий котиби, тиббиёт фанлари доктори
О.Д. Эшонходжаев
Илмий даража берувчи Илмий Кенгаш Илмий Семинари раиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор
КИРИШ (фалсафа доктори (PhD) диссертацияси аннотацияси)
Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати. Юрак ишемик касаллиги (ЮИК) замонавий кардиологиянинг асосий муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. У нафақат касалланиш кўрсаткичларининг юқорилиги, балки асоратларининг оғирлиги билан ҳам характерланади. Миокарднинг сурункали ишемияси кўпинча ишемик кардиомиопатия ривожланишига туртки (триггер) бўлади ва бу жараён чап қоринчанинг глобал патологик ремоделланиши билан кечади. Ушбу патология таркибида ўртача даражадаги митрал регургитация алоҳида ўрин тутади ва у касаллик ривожланишининг мураккаб клиник босқичини ифодалайди. Патологиянинг ривожланиш механизми мураккаблиги сабабли, "ўртача" мақомига эга бўлишига қарамай, унинг бемор ҳолати беқарорлашувига қўшган ҳиссаси жуда каттадир. Илмий маълумотларга кўра "...клапан дисфункциясининг ўртача даражаси прогнозни сезиларли даражада ёмонлаштиради, жисмоний юкламаларга чидамлиликни (толерантликни) пасайтиради, беморларнинг ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва статистик жиҳатдан ўлимга олиб келувчи оғир юрак-қон томир асоратлари хавфини оширади"[1]. Ушбу патологияни жарроҳлик усуллари ёрдамида даволашда эришилган сезиларли ютуқларга қарамай, даволашнинг оптимал стратегиясини танлаш ҳозирги кунга қадар долзарб ва мураккаб клиник вазифа бўлиб қолмоқда.
Жаҳон амалиётида бугунги кунда ишемик кардиомиопатия билан оғриган беморларда ўртача даражадаги митрал регургитацияни жарроҳлик йўли билан тузатишнинг мақсадга мувофиқлиги ва ҳажми борасида мунозаралар давом этмоқда. Хусусан, аортокоронар шунтлаш амалиёти билан бир вақтда митрал клапан пластикасини бажариш зарурияти бўйича ягона тўхтам мавжуд эмас. Фақат коронар қон айланишини тиклашнинг ўзи қўшимча қопқоқ коррекциясисиз митрал регургитация даражасининг камайишига олиб келадими, шунингдек, қўшма операция чап қоринчанинг ремоделланишини, NYHA функционал синфини ва беморлар ҳаёт сифатини яхшилаш каби узоқ муддатли натижаларни таъминлайдими, деган масала баҳсли бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, айниқса полиморбид беморларда комбинирланган аралашувни бажаришда операциядан кейинги асоратлар, сунъий қон айланиши давомийлиги ва леталлик хавфининг ортиши эҳтимоли муҳокама қилинмоқда, шу сабабли мазкур муаммо бўйича тадқиқот натижалари ҳозиргача зиддиятлилигича қолмоқда. Юқоридагиларга асосланиб мазкур масалани янада чуқур тадқиқ этиш ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббиёт соҳасини жаҳон андозалари талабларига мослаштириш, жумладан, турли соматик касалликларни эрта ташхислаш, даволаш ва олдини олишга қаратилган муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг еттита устувор йўналишида "аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш вазифалари белгиланган"[2]. Ушбу вазифаларни амалга ошириш, жумладан, юрак ишемик касаллиги билан оғриган беморларни даволаш натижаларини яхшилаш, мазкур патологиянинг юқори тиббий-ижтимоий аҳамияти туфайли жарроҳлик даволаш усуллари самарадорлигини такомиллаштириш борасида тадқиқотларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон "2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида", 2020 йил 12 ноябрдаги ПФ-6110-сон "Бирламчи соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятига принципиал янги механизмларни жорий этиш ва соғлиқни сақлаш тизимини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонлари, 2020 йил 12 ноябрдаги ПҚ-4891-сон "Тиббий профилактика бўйича ишлар самарадорлигини янада ошириш орқали аҳоли саломатлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида", 2021 йил 25 майдаги ПҚ-5124-сон "Соғлиқни сақлашнинг комплекс ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида", 2021 йил 28 июлдаги ПҚ-5199-сон "Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлари ва мазкур фаолиятга тегишли бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишга ушбу диссертация тадқиқоти муайян даражада хизмат қилади.
Тадқиқотнинг Ўзбекистон Республикаси фан ва технологиялари ривожланишининг устувор йўналишларига мослиги. Мазкур диссертация иши республика фан ва технологиялар ривожланишининг VI «Тиббиёт ва фармакология» устувор йўналишига мувофиқ бажарилган.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Юрак ишемик касаллиги фонида юзага келадиган миокард ишемияси чап қоринча ва митрал клапан ҳалқасининг ремоделланишига олиб келиши, бу эса клапан аппарати геометриясининг ўзгаришига сабаб бўлиши аниқланган. Ишемик келиб чиқишга эга митрал етишмовчилик дастлаб митрал клапаннинг эмас, балки чап қоринчанинг касаллиги ҳисобланади (Grayburn P.A., Sannino A., 2019). Ишемик митрал регургитация ривожланишининг асосий механизми миокард ишемияси билан боғлиқ экани исботланган бўлиб, у чап қоринчанинг ремоделланишини чақиради, папилляр мушакларнинг силжишига ва уларнинг нисбий қисқаришига олиб келади, натижада митрал клапан табақаларининг ортиқча таранглашуви ва ёпилиш кучининг камайиши юзага келади (Asgar A.W., Mack M.J., 2015). Митрал етишмовчилик ривожланишида папилляр мушаклар дисфункциясининг кучайиши, чап қоринча диссинхронияси ва митрал клапан ҳалқасининг дилатацияси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Митрал клапан табақаларининг систолик таранглашуви (улар ҳаракатчанлигининг чекланиши) митрал етишмовчиликнинг асосий патогенетик механизми сифатида қаралади (Chehab O., Roberts-Thomson R., Ng Yin Ling., 2020).
Ушбу патологияни консерватив даволаш натижалари қониқарсизлигича қолмоқда: беш йиллик ўлим кўрсаткичи ишемик митрал регургитация даражаси, коронар артериялар зарарланишининг оғирлиги ва чап қоринча функциясининг сақланганлик даражасига қараб 60–100% гача етади (Haberman D. ва ҳаммуаллифлар, 2022). Шунга кўра ишемик митрал регургитацияси мураккаб жарроҳлик муаммоси сифатида сақланиб қолмоқда. Ушбу соҳада сезиларли ютуқларга эришилганига қарамай, оптимал жарроҳлик тактикасини танлаш билан боғлиқ кўплаб масалалар ҳанузгача ўз ечимини топмаган, шунингдек ушбу беморлар тоифасида миокард реваскуляризацияси стратегиясига бағишланган махсус проспектив тадқиқотлар етарли эмас.
Жаҳон тажрибасини умумлаштирган ҳолда шуни таъкидлаш лозимки: ишемик митрал етишмовчилиги бўлган беморлар қониқарсиз прогнозга эга бўлган гуруҳга киради; ушбу патологияда даволаш усулини танлаш кардиолог ва кардиожарроҳлар учун жиддий қийинчилик туғдиради; дори-дармон билан даволаш фонида юқори ўлим кўрсаткичлари ва коронар жарроҳликнинг ривожланиши бу беморларда аортокоронар шунтлаш (АКШ) учун кўрсатмалар доирасини кенгайтиришга олиб келмоқда; шунингдек, ишемик митрал етишмовчилиги бўлган беморларда сунъий қон айланишсиз АКШ бажариш имконияти якуний аниқланмаган бўлиб, қўшимча тадқиқотларни талаб этади.
Ўзбекистонда, ишемик митрал етишмовчилиги билан асоратланган юрак ишемик касаллиги мавжуд беморларнинг жарроҳлик даволаш усулларини ўрганиш ва уларни оптималлаштириш замонавий кардиология ва кардиожарроҳликнинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳозиргача мамлакатимизда ушбу патология борасида кам сонли илмий изланишлар олиб борилган, жумладан Алиев Ш.М., Халикулов Х.Г. ва ҳаммуаллифлари томонидан чоп этилган илмий мақолаларда асосан юракнинг анатомо-функционал кўрсаткичлари нисбатан сақланган беморларни қамраб олиш билан чекланилган.
Юрак ишемик касаллиги асорати сифатида ривожланувчи ремоделланиш кучайиб борувчи жараён эканлигини ҳисобга олсак, юрак чап қоринчаси анатомо-функционал кўрсаткичлари кескин пасайган, тасдиқланган ишемик кардиомиопатия ташхисли беморларда жарроҳлик даволаш усулларини қўллаш кўрсатмалари ва самарадорлигини комплекс баҳолаш масалалари етарлича ёритилмаган бўлиб, мазкур йўналиш қўшимча илмий тадқиқотларни ўтказиш масалалари долзарб ва амалий жиҳатдан муҳим ҳисобланади.
Диссертация тадқиқотининг диссертация бажарилган илмий тадқиқот муассасасининг илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация тадқиқоти «Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази» ДМнинг илмий ишлари режасига мувофиқ «Юрак ишемик касаллиги беморлар учун замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда диагностика, тактика ва даволаш натижаларини оптималлаштириш» AL-492105342 (2022-2025 йй) илмий лойиҳа доирасида амалга оширилган.
Тадқиқотнинг мақсади: ўрта даражадаги ишемик митрал клапан етишмовчилиги билан асоратланган юрак ишемик касаллигини жарроҳлик даволаш усулларини қиёсий таҳлили асосида даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари:
- изоляцияланган аортокоронар шунтлаш (АКШ) ҳамда митрал клапан (МК)даги аралашув билан бирга ўтказилган аортокоронар шунтлашнинг яқин ва узоқ муддатли натижаларини таҳлил қилиш;
- изоляцияланган аортокоронар шунтлаш (АКШ) ҳамда митрал клапан (МК)даги аралашув билан бирга ўтказилган аортокоронар шунтлаш амалиётини ўтказган беморларда ўлим, бевосита ва узоқ муддатли натижаларга таъсир қилувчи хавф омилларини аниқлаш;
- изоляцияланган аортокоронар шунтлаш (АКШ) ҳамда митрал клапан (МК)даги аралашув билан бирга ўтказилган аортокоронар шунтлаш беморларининг узоқ муддатли ҳаёт сифати кўрсаткичларини баҳолаш ва натижаларини бажарилган жарроҳлик аралашуви ҳажмига боғлиқлигини аниқлаш;
- юрак ишемик касаллиги (ЮИК) ва ишемик митрал регургитация (ИМР) бўлган беморлар учун жарроҳлик тактикасини танлаш алгоритмини ишлаб чиқиш.
Тадқиқотнинг объекти: 2018-2023 йилларда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали ва "American Hospital" МЧЖ хусусий клиникасида жарроҳлик амалиёти ўтказган ишемик митрал регургитация билан асоратланган юрак ишемик касаллиги бўлган 80 нафар бемор олинган.
Тадқиқотнинг предмети: ўртача даражадаги ишемик митрал регургитация билан асоратланган юрак ишемик касаллигини жарроҳлик йўли билан даволаш натижаларини қиёсий таҳлил қилиш, яшовчанликка таъсир қилувчи хавф омилларини гуруҳларга ажратиш ҳамда операциядан кейинги яқин ва узоқ муддатли даврларда беморларнинг ҳаёт сифати ва клиник натижаларга таъсирини ўрганишдан иборат.
Тадқиқотнинг усуллари: Тадқиқот мақсадига эришиш ва белгиланган вазифаларни ҳал этиш учун умумий клиник, лаборатор, инструментал, махсус ҳамда статистик тадқиқот усуллари қўлланилган.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
- ўрта даражали митрал клапан етишмовчилиги билан асоратланган ишемик кардиомиопатияли беморларда аортокоронар шунтлаш амалиёти митрал клапан пластикаси билан бирга ўтказилганда, митрал клапан фиброз ҳалқасининг стабиллашгани сабабли операциядан кейинги узоқ муддатли даврда аҳамиятли митрал регургитация қайталаниши (рецидиви) даражаси изоляцияланган аорта корнонар шунтлаш ўтказилган беморларга нисбатан сезиларли даражада камайиши исботланган;
- бемор ёши >70, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги, ҳамда чап қоринча қисқариш фракциясининг <30% каби омилларнинг ва операциядан кейинги эрта асоратлар ва нохуш оқибатлар билан ишончли корреляцияси исботланган;
- митрал клапан пластикаси билан биргаликда бажарилган аортокоронар шунтлаш изоляцияланган миокард реваскуляризациясига нисбатан юрак чап қоринча чиқариш фракциясининг динамик ошиши, чап қоринчанинг якуний диастолик ва систолик ўлчамларининг қисқариши каби ижобий ремоделланиш параметрларига яққол таъсири тасдиқланган;
- юракнинг ишемик касаллиги ва иккиламчи митрал етишмовчилиги бўлган беморларда жарроҳлик даволаш усулини индивидуал танлашга қаратилган даволаш тактикаси беморнинг полиморбид ҳолатини ҳисобга олиб даволаш самараси ва хавфсизлиги орасида оптималликни таъминлаши исботланган.
Тадқиқотнинг амалий натижалари қуйидагилардан иборат:
- юрак ишемик касаллиги ўрта даражадаги ишемик митрал регургитация билан бирга кечган ҳолатларда узоқ муддатли прогнозни яхшилаш мақсадида комбинацияланган жарроҳлик даволаш (АКШ + митрал клапан пластикасини бажариш)нинг аҳамияти аниқланиб, унинг мақсадга мувофиқлиги ва самарадорлиги исботланган;
- юрак ишемик касаллиги ва ишемик митрал регургитация билан оғриган беморларда жарроҳлик даволашнинг муайян вариантини қўллашда кўрсатмаларни белгилаш, унинг мақсадга мувофиқлиги ва чекловларини баҳолашда индивидуал ёндашув зарурлиги исботланган;
- чап қоринча ремоделланишининг патогномоник белгиларини диагностика қилиш, жарроҳлик амалиётининг ҳар бир варианти (АКШ ва АКШ билан бирга митрал клапан пластикасидан кейин) натижаларини баҳолашда замонавий эхокардиография усулининг етарлича юқори самарадорлиги исботланган;
- юрак ишемик касаллиги ҳамда ўрта даражали ишемик митрал етишмовчилиги бўлган беморларда жарроҳлик тактикасини танлашни оптималлаштириш мақсадида методологик ёндашувларни стандартлаштиришнинг асосий мезонлари ишлаб чиқилган.
Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги. Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги замонавий усуллардан, клиник амалиётда кенг қўлланиладиган лаборатория ва инструментал тадқиқот усулларидан фойдаланилганлиги, барча олинган натижалар ва чиқарилган хулосалар далилларга асосланган тиббиёт тамойилларига мувофиқ ҳолда, етарли ҳажмдаги клиник материал ва статистик таҳлил натижаларига таянганлиги билан асосланади.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти. Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамияти олинган ҳолатлар, хулосалар ва таклифлар ЮИК ва ИМР билан кечувчи касалликларда жарроҳлик даволаш алгоритмини қўллаш бўйича билимларни кенгайтиришга ҳамда операция усулини танлашнинг оптимал стратегиясини белгилайдиган назарий асосларни яратишга муҳим ҳисса қўшиши билан изоҳланади.
Тадқиқот натижаларининг амалий аҳамияти олинган натижалар асосида ЮИК ва ИМР билан кечувчи беморларни жарроҳлик йўли билан даволашнинг тактик-техник жиҳатлари оптималлаштирилган ҳамда методологик ёндашувлар стандартлаштирилган. Олинган тадқиқот натижалари миллий юрак жарроҳлиги соҳасининг ЮИКни даволашдаги ўрнини жаҳон миқёсида мустаҳкамланишига ҳисса қўшиши билан изоҳланади.
Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Юрак ишемик касаллиги митрал клапан ўрта оғирликдаги етишмовчилиги билан: жарроҳлик даво усулларини оптималлаштириш бўйича илмий тадқиқот натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги илмий-техник кенгаш йиғилишининг 2025-йил 17-декабрдаги 31/01-сонли баённомаси хулосаси билан тасдиқланган:
биринчи илмий янгилик: ўрта даражали митрал клапан етишмовчилиги билан асоратланган ишемик кардиомиопатияли беморларда аортокоронар шунтлаш амалиёти митрал клапан пластикаси билан бирга ўтказилганда, митрал клапан фиброз ҳалқасининг стабиллашгани сабабли операциядан кейинги узоқ муддатли даврда аҳамиятли митрал регургитация қайталаниши (рецидиви) даражаси изоляцияланган аорта корнонар шунтлаш ўтказилган беморларга нисбатан сезиларли даражада камайиши исботланганлиги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий кардиология тиббий марказининг Қарши филиали клиник фаолиятида (2025-йил 29-сентябрдаги 74/1т-сон буйруғи) ва Бухоро давлат тиббиёт институти клиникасида (2025-йил 24-ноябрдаги 10-сон буйруғи) амалиётга татбиқ этилди. Ижтимоий самарадорлиги: визуализация маълумотларини солиштириш асосида юрак ички гемодинамикасини баҳолашнинг янги ёндашувларини ишлаб чиқиш диагностик аниқликни оширди, хатолар сонини камайтирди ҳамда ўз вақтида даволашни таъминлаб, тиббий ёрдам сифатини яхшилаш ва ногиронлик даражасини пасайтиришга хизмат қилди. Иқтисодий самарадорлиги: иқтисодий нуқтаи назардан, индивидуал ёндашув мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш имконини берган. Бу гемодинамикани нисбатан тез барқарорлаштириш ҳисобига эрта операциядан кейинги даврда дори воситаларига бўлган эҳтиёжни камайтирди ва реанимацияда ўртача ётиш муддатини 1,3±0,3 суткадан 1,2±0,3 суткага қисқартириш имконини берди. Реанимация ва интенсив терапия бўлимида бир кунлик харажат 1000000 сўмни ташкил этишини ҳисобга олганда, бир бемор учун 200000 сўм тежашга, тадқиқот доирасида ўхшаш патологияга эга 40 бемор мисолида эса жами 8000000 сўм иқтисод қилишга эришилган;
иккинчи илмий янгилик: бемор ёши >70, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги, ҳамда чап қоринча қисқариш фракциясининг <30% каби омилларнинг ва операциядан кейинги эрта асоратлар ва нохуш оқибатлар билан ишончли корреляцияси исботланганлиги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий кардиология тиббий марказининг Қарши филиали клиник фаолиятида (2025-йил 29-сентябрдаги 74/1т-сон буйруғи) ва Бухоро давлат тиббиёт институти клиникасида (2025-йил 24-ноябрдаги 10-сон буйруғи) амалиётга татбиқ этилди. Ижтимоий самарадорлиги: қониқарсиз натижалар предикторларини эрта аниқлаш хавф гуруҳларини ўз вақтида ажратишга ва беморларни даволашни бошқариш тактикасини оптималлаштиришга имконият беради, бу эса периоперацион асоратлар сонининг камайишига хизмат қилади. Иқтисодий самарадорлиги: турли визуализация усулларини ягона диагностика алгоритмига жамлаш такрорий ва ортиқча текширувлар сонини камайтиришга, эрта босқичларда ташхис аниқлигини оширишга ва процедураларга сарфланадиган харажатларни бир бемор учун 950000 сўмга камайтиришга имконият берган. Бир бемор учун тежалган харажат 950000 сўм бўлса, йиллик иқтисодий кўрсаткич 38000000 сўмни ташкил қилади (йилига 40 бемор ҳисобида);
учинчи илмий янгилик: митрал клапан пластикаси билан биргаликда бажарилган аортокоронар шунтлаш изоляцияланган миокард реваскуляризациясига нисбатан узоқ муддатли даврда беморлар ҳаёт сифати янада сезиларли даражада яхшиланиши таъминланганлиги исботланганлиги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий кардиология тиббий марказининг Қарши филиали клиник фаолиятида (2025-йил 29-сентябрдаги 74/1т-сон буйруғи) ва Бухоро давлат тиббиёт институти клиникасида (2025-йил 24-ноябрдаги 10-сон буйруғи) амалиётга татбиқ этилди. Ижтимоий самарадорлиги: беморларнинг ҳаёт сифати ва прогнози яхшиланади, жисмоний фаоллиги ошади ва ногиронлик даражаси камаяди, асоратлар ҳамда такрорий мурожаатлар хавфи қисқаради. Иқтисодий самарадорлиги: узоқ муддатли даврда такрорланувчи митрал етишмовчилик ривожланишига таъсир қилувчи операциядан олдинги омилларни аниқлаш ҳисобига, постоперацион асоратларни даволаш бўйича қўшимча стационар харажатларни бир бемор учун 1500000 сўмга камайтиришга эришилди. Бир бемор учун тежам 1500000 сўм бўлса, йиллик иқтисодий кўрсаткич 12000000 сўмни ташкил қилади (йилига 8 бемор учун);
тўртинчи илмий янгилик: юракнинг ишемик касаллиги ва иккиламчи митрал етишмовчилиги бўлган беморларда жарроҳлик даволаш усулини индивидуал танлашга қаратилган даволаш тактикаси беморнинг полиморбид ҳолатини ҳисобга олиб даволаш самараси ва хавфсизлиги орасида оптималликни таъминлаши исботланганлиги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий кардиология тиббий марказининг Қарши филиали клиник фаолиятида (2025-йил 29-сентябрдаги 74/1т-сон буйруғи) ва Бухоро давлат тиббиёт институти клиникасида (2025-йил 24-ноябрдаги 10-сон буйруғи) амалиётга татбиқ этилди. Ижтимоий самарадорлиги: ўртача даражадаги митрал етишмовчилик билан кечувчи ЮИК беморларини жарроҳлик йўли билан даволаш тактикаларини оптималлаштириш ижтимоий соҳа учун катта аҳамиятга эга. Ижтимоий мослашув даражаси ошади, ҳаёт сифати яхшиланади, жамият ва давлат тузилмалари учун иқтисодий ва психологик юк камаяди. Иқтисодий самарадорлиги: кўп тармоқли ёндашувга асосланган протоколларни жорий этиш соғлиқни сақлаш ресурсларини янада оқилона ишлатишга хизмат қилади. Шу тарзда, ушбу беморлар тоифасида операцияга ўз вақтида ва тўғри ёндашув бевосита ва билвосита харажатларни камайтиради ҳамда соғлиқни сақлаш тизимининг умумий самарадорлигини оширади.
Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Тадқиқот натижалари 3 та илмий-амалий анжуманларда, жумладан 1 та халқаро ва 2 та республика анжуманларида муҳокамадан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларини эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 10 та илмий иш чоп этилган, шулардан Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрларда 4 та мақола, жумладан 3 таси республика ҳамда 1 таси хорижий журналларда нашр этилган, 1 та услубий тавсия ва 1 та ЭҲМ учун дастурга гувоҳнома олинган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш қисми, тўртта боб, хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат. Умумий ҳажми 119 бетни ташкил этган.
ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ
Кириш қисмида ўтказилган тадқиқотнинг долзарблиги ва зарурлиги асослаб берилган, ишнинг мақсади ва вазифалари шакллантирилган, тадқиқот объекти ва предмети аниқланган, диссертация ишидаги республика фан ва технологияларининг устувор йўналишларига мувофиқлиги ҳақида маълумот берилган, илмий янгилик ва тадқиқотнинг амалий натижалари баён қилинган, олинган натижаларнинг ишончлилиги асослаб берилган, уларнинг илмий ва амалий аҳамияти ҳамда амалиётга жорий этилиши ёритилган, шунингдек, нашрлар ва диссертация тузилиши ҳақида маълумотлар келтирилган.
Диссертациянинг биринчи бобида «ЮИК митрал клапан ўрта оғирликдаги етишмовчилиги: жарроҳлик даволаш тактикаси оптималлаштирилиши (адабиётлар шарҳи)» эпидемиологик, этио-патогенетик ва таснифий жиҳатлар, замонавий диагностик мезонлар, қарашлар эволюцияси ва ҳозирги тенденциялар баён этилган. Шарҳ натижаларига кўра, ушбу тоифа беморлар учун оптимал жарроҳлик тактикасини танлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган баҳсли ва ҳал қилинмаган масалалар кўрсатиб ўтилган.
Диссертациянинг иккинчи бобида «Клиник материал ва қўлланилган усулларнинг умумий тавсифи» тадқиқот объекти сифатида 2018–2023 йиллар давомида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали ва Тошкент шаҳри "American Hospital" МЧЖ қўшма корхонасида операция қилинган ИМР билан асоратланган ЮИК ташхисли 80 бемор танланган.
Беморлар икки гуруҳга бўлинди:
- таққослаш гуруҳи: фақат изоляцияланган АКШ ўтказилган беморлар;
- асосий гуруҳ: АКШ + МКга аралашув бажарилган беморлар.
Тадқиқот проспектив дизайнга эга бўлиб, ЮИК ва ИМР ташхиси бўлган беморларда жарроҳлик даволашнинг яқин ва узоқ муддатли натижаларини баҳолаш мақсадида ўтказилди. Истисно мезонлари сифатида: митрал клапаннинг ҳар қандай органик заралиниши, МКнинг оғир даражадаги етишмовчилиги, чап қоринча чиқариш функциясини 40% дан юқори, чап қоринчанинг нормал ўлчамлари, ОИМнинг ўткир босқичи.
Ҳар икки гуруҳда беморларнинг аксарияти эркаклар ташкил этган бўлиб, бу кардиохирургик танловлар учун хос ҳолатдир. Гуруҳлар орасидаги аёллар сонидаги фарқ статистик аҳамиятга эга бўлмаган (p=0,13). Беморларнинг ёш таркиби ҳам ўхшаш бўлиб, уларнинг кўпчилиги 60 ёшдан юқори бўлган.
Ҳар икки гуруҳ беморлар NYHA таснифига кўра, асосан III функционал синфдаги юрак етишмовчилигидан азият чеккан.
Тадқиқот мақсадига эришиш ва вазифаларни бажариш учун қуйидаги усуллар қўлланилди: умумий клиник (умумий қон таҳлили, биокимё, коагулограмма), инструментал текширувлар (ЭКГ, ЭкоКГ, КАГ) ва статистик тадқиқот усуллари.
Ҳамроҳ касалликлар гуруҳлар орасида тенг тақсимланган бўлиб, асосий гуруҳ ва таққослаш гуруҳи беморлари орасидаги даволаш натижаларидаги фарқларга сезиларли таъсир кўрсатмайди. Қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ва СЎОКнинг юқори учраш частотаси таққослаш гуруҳида ҳам, асосий гуруҳда ҳам кузатилган (Расм 1).
Расм 1. Тадқиқот гуруҳларида ҳамроҳ патологияларнинг учраш частотаси.
| ҚД |
35.0%
37.5%
|
p=0.816 |
| СБЕ |
50.0%
62.5%
|
p=0.26 |
| СБМҚЕ |
10.0%
15.0%
|
p=0.499 |
| СЎОК |
42.5%
47.5%
|
p=0.653 |
| Семизлик |
35.0%
45.0%
|
p=0.361 |
| ■ Таққослаш гуруҳи ■ Асосий гуруҳ | ||
Учинчи бобда «Юрак ишемик касаллиги ва ишемик митрал регургитацияси бўлган беморларни жарроҳлик даволашнинг бевосита натижалари» ЮИК ва ИМР ташхиси билан операция қилинган беморларни жарроҳлик даволашнинг бевосита натижалари таҳлили акс эттирилган. Айниқса, клиник ва функционал кўрсаткичларни ўрганиш, шунингдек, ўтказилган аралашувлардан кейинги ўзгаришлар динамикасини баҳолашга алоҳида эътибор қаратилган. Бевосита натижалар ўз ичига қуйидагиларни олади:
- гемодинамик кўрсаткичларнинг тикланиши ҳақидаги маълумотлар;
- аортокоронар шунтлаш ҳажми ва митрал клапанга ўтказилган аралашувларнинг самарадорлигини баҳолаш;
- эрта операциядан кейинги даврда юзага келган асоратлар таҳлили.
Тадқиқот гуруҳларида бажарилган аортокоронар шунтлар сонига кўра беморларнинг тақсимланиши тоифалар ўртасида статистик жиҳатдан аҳамиятли фарқларни аниқламади (Расм 2).
Расм 2. Тадқиқот гуруҳларида беморларнинг ўтказилган аортокоронар шунтлар сони бўйича тақсимоти.
| 1 |
2.5%
5.0%
|
p=0.556 |
| 2 |
25.0%
30.0%
|
p=0.617 |
| 3 |
50.0%
45.0%
|
p=0.654 |
| 4 |
22.5%
20.0%
|
p=0.785 |
| ■ Таққослаш гуруҳи ■ Асосий гуруҳ | ||
Маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, гуруҳлар орасида операция давомийлиги, гемотрансфузия ва плазмотрансфузия ҳажмларини ўз ичига олган ҳолда сезиларли фарқлар аниқланмади. Бу эса гуруҳлар орасидаги операция шароитларининг ўхшашлигини кўрсатади. Бироқ асосий гуруҳда МК пластикасининг қўшимча бажарилиши туфайли кардиоплегиянинг қўлланиши бундан мустасно ҳисобланади (Расм 3).
Расм 3. Тадқиқот гуруҳларидаги интраоперацион хусусиятлар
| Амалиёт давомийлиги |
266,1
282,8
|
p=0.317 |
| СҚА (мин) |
116,1
104,7
|
p=0.479 |
| ■ Таққослаш гуруҳи ■ Асосий гуруҳ | ||
Сунъий ўпка вентиляцияси, реанимация ва интенсив терапия бўлимида даволаш, шунингдек, стационарда умумий қолиш давомийлигини солиштирувчи таҳлилда айрим фарқлар кузатилади, бу ҳам беморларнинг жарроҳлик аралашувлари ва тикланиш хусусиятлари билан изоҳланиши мумкин (Жадвал 1).
Жадвал 1. СЎВ давомийлиги, интенсив терапия ва стационарда қолиш кўрсаткичлари.
| Кўрсаткич | Таққослаш гуруҳи (n=40) | Асосий гуруҳ (n=40) | p |
|---|---|---|---|
| СЎВ (амалиётдан кейин), соат | 8,0±0,7 (3,6–12,5) | 8,3±0,5 (6,2–16,4) | 0.521 |
| Реанимация бўлимида қолиш, кун | 1,3±0,3 (0,9–2,8) | 1,2±0,3 (0,9–2,4) | 0.428 |
| Стационарда қолиш, кун | 13,9±1,1 (9-18) | 14,1±0,7 (8-19) | 0.472 |
Юракнинг анатомик ва функционал ҳолатини акс эттирувчи қатор кўрсаткичлар бўйича сезиларли яхшиланишларга эришилган. ЭхоКГ натижалари асосий гуруҳ беморларида юрак функциясининг янада қониқарли ҳолатда эканлигини кўрсатади (Жадвал 2).
Жадвал 2. Тадқиқот гуруҳларида эрта постоперацион даврдаги ЭхоКГ маълумотлари
| Кўрсаткич | Таққослаш гуруҳи (n=40) | Асосий гуруҳ (n=40) | p |
|---|---|---|---|
| ЧБ ўлчами | 42±0,5 (36-48) | 40,3±1 (32-46) | 0.132 |
| 55,9±0,8 (46-62) | 51,8±1,1 (41-58) | 0.003 | |
| ОДҲ (КДО), ml | 183,5±7,9 (107,5-285,9) | 144,9±4,8 (91-226) | <0.001 |
| ОСҲ (КСО), ml | 107,3±5,9 (44-199) | 95±3,8 (58-171) | 0.084 |
| Индекс ОДҲ (индекс КДО) (мл/м2) | 91,9±4,5 (0-158,5) | 74,7±2,7 (49-113) | 0.002 |
| ЧҚОФ (ФВ ЛЖ), % | 38,3±0,7 (33-45) | 43,8±1,6 (41-50,4) | 0.002 |
Бир омилли хавф омилларини таҳлили асоратлар мавжудлигига кўра ўтказилди: асоратлар мавжуд бўлган гуруҳ ва асоратлар бўлмаган гуруҳ. Асоратлар мавжуд бўлган гуруҳга эрта постоперацион даврда асорат юзага келган беморлар киритилган бўлиб, бу ЮИК ва ИМР бўйича жарроҳлик даволашнинг қониқарсиз натижаларига таъсир қилувчи асосий хавф факторларини ажратиш имконини берди (Жадвал 3).
Постоперацион давр асоратларидан қуйидагилар кузатилди:
- узоқ муддатли СЎВ талаб қилувчи нафас етишмовчилиги (операциядан кейин 7–12 соатдан ортиқ) кузатилган. Таққослаш гуруҳида нафас етишмовчилиги билан 2 бемор (5%), асосий гуруҳда эса 1 бемор (2,5%) бўлиб, гуруҳлар орасида статистик аҳамиятли фарқ аниқланмади (p=0,556);
- таққослаш гуруҳида дисциркулятор энцефалопатия 7 беморда (17,5%) кузатилган бўлса, асосий гуруҳда 3 беморда (7,5%) қайд этилган (p=0,176);
- асосий гуруҳда 1 ҳолатда (2,5%) ишемик инсульт кузатилган. Таққослаш гуруҳида ушбу турдаги асорат кузатилмаган. Гуруҳлар орасида статистик аҳамиятли фарқ аниқланмади (p=0,315);
- асосий гуруҳда 1 беморда (2,5%) ўткир юрак етишмовчилиги (ЎЮЕ) қайд этилган, таққослаш гуруҳида эса бундай асорат кузатилмаган. Гуруҳлар орасида статистик аҳамиятли фарқ аниқланмади (p=0,315).
Жадвал 3. Бир омилли хавф омилларини таҳлили қониқарсиз натижалар ривожланишида қуйидаги муҳим предикторларни аниқлади
| Ҳавф омили | χ2 | 95% DI | p-кўрсаткич |
|---|---|---|---|
| ЧҚОФ (ФВ ЛЖ) < 30% | 12,67 | 2,1–6,3 | 0,0004 |
| Қандли диабет | 7,29 | 1,3–4,7 | 0,006 |
| Сурункали буйрак етишмовчилиги | 9,18 | 1,9–5,8 | 0,002 |
| Бемор ёши > 70 ёш | 11,45 | 2,0–6,0 | 0,0009 |
ЮИК ва ИМР бўйича жарроҳлик даволашнинг бевосита натижаларини таққослаш шуни кўрсатдики, фақат реваскуляризация қилинган беморларга нисбатан, АКШ + МКга аралашув амалга оширилган беморларда клиник натижалар кам миқдорда ижобий бўлган.
Диссертациянинг тўртинчи бобида «Ишемик юрак касаллиги ва ишемик митрал регургитацияси бўлган беморларни жарроҳлик даволашнинг узоқ муддатли натижалари» кўриб чиқилган.
Узоқ муддатли натижалар (1,5 йилдан 3 йилгача) таққослаш гуруҳидаги 38 бемор ва асосий гуруҳдаги 39 беморда 3 йилгача кузатилган.
Узоқ муддатли даврда беморларнинг функционал ҳолатини баҳолаш қулайлиги учун уч гуруҳга бўлинган: яхши, қониқарли ва қониқарсиз натижа (Жадвал 4).
Яхши натижа узоқ муддатда шикоят қилмаган, юрак етишмовчилиги белгилари бўлмаган беморларда киритилган ва ЭкоКГ кўрсаткичларининг динамикаси ижобий бўлган. Бу ҳолат ўртача даражадаги МР йўқлиги ёки сақланиши, ЧҚОФ (ФВЛЖ)нинг яхшиланиши, иОДҲ (иКДО)нинг камайиши ва ОСЎ (КСР)нинг камайишини ўз ичига олади.
Қониқарли натижа узоқ муддатда турли асоратлар, масалан, ўртача юрак етишмовчилиги белгилари ёки симптомларнинг қайта пайдо бўлиши кузатилган беморларда қайд этилган. Шу билан бирга, ЭкоКГ кўрсаткичларида сезиларли ўзгаришлар бўлмаган: МР ва ЧҚОФ (ФВ ЛЖ) барқарор ёки минимал яхшиланиш билан қолган, иОДҲ (иКДО) ва ОСЎ (КСР) бироз камайган.
Қониқарсиз натижа юрак-қон томир тизими асоратлари билан кечган беморларни ўз ичига олади, бу ЭкоКГ кўрсаткичларининг салбий динамикаси билан кузатилган: МРнинг кучайиши, ЧҚОФ (ФВ ЛЖ)нинг пасайиши ва ОСЎ (КСР)нинг ортиши, натижада беморнинг ҳолати ёмонлашган.
Жадвал 4. Беморларнинг узоқ муддатли даврда операция натижалари бўйича тақсимоти
| Натижа | Таққослаш гуруҳи (n=38) | Асосий гуруҳ (n=39) | Умумий (n=77) | |||
|---|---|---|---|---|---|---|
| Яхши | 18 | 47,4% | 27 | 69,2% | 45 | 58,4% |
| Қониқарли | 9 | 23,7% | 8 | 20,5% | 17 | 22,1% |
| Қониқарсиз | 11 | 28,9% | 4 | 10,3% | 15 | 19,5% |
| Жами | 38 | 100,0% | 39 | 100,0% | 77 | 100,0% |
| χ2 = 4,29; p = 0,039 | ||||||
Гуруҳлар орасида беморларнинг функционал синфлар бўйича тақсимот динамикасидаги фарқ статистик жиҳатдан аҳамиятли бўлган (p<0,001).
Шунингдек, митрал етишмовчиликни коррекция қилишни ўз ичига олган комбинацияланган аралашув, фақат АКШ билан солиштирганда, беморларнинг функционал ҳолатини сезиларли даражада яхшилашга имконият берган. Асосий гуруҳда I ва II функционал синфдаги беморлар сони анча кўп бўлиб, бу постоперацион даврда тикланиш ва ҳаёт сифатининг яхшиланишидаги устунликдан далолат беради (Расм 4).
Расм 4. Беморларнинг узоқ муддатли даврда Нью Йорк Юрак Ассоциацияси (NYHA) таснифи бўйича тақсимот динамикаси
| Таққослаш гуруҳи ж/о 100%
(ФС III)
|
Таққослаш гуруҳи ж/к 67,4%
26,8%
ФС I (5,8%) | ФС II | ФС III
|
Асосий гуруҳ ж/о 97,5%
ФС II (2,5%) | ФС III
|
Асосий гуруҳ ж/к 10%
75,5%
12%
ФС I | ФС II | ФС III
|
p < 0,001 |
| ■ ФС I ■ ФС II ■ ФС III ■ ФС IV | ||||
Операциядан 6 ой ўтгач, ЭХОКГ кўрсаткичларининг қиёсий динамикаси шуни кўрсатдики, асосий гуруҳда чап қоринча отиш фракцияси (ФВ ЛЖ) 48,2±1,1% ни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич таққослаш гуруҳга нисбатан сезиларли даражада юқори эди (43,6±0,6%) (р<0,001). Индекс ОДҲ (и-КДО) асосий гуруҳда 70,1±2,3 мл/м2 ни ташкил этиб, таққослаш гуруҳга нисбатан аҳамиятли даражада кам бўлган (84±3,8 мл/м2) (р=0,003), бу эса асосий гуруҳда юракнинг яхшироқ тикланганини тасдиқлайди (Жадвал 5).
Жадвал 5. Операциядан 6 ойдан сўнг ЭХОКГ кўрсаткичларининг қиёсий динамикаси
| Кўрсаткич | Таққослаш гуруҳи | Асосий гуруҳ | p |
|---|---|---|---|
| ЧҚОФ (ФВЛЖ) % | 43,6±0,6 | 48,2±1,1 | <0,001 |
| И-ОДҲ (и-КДО) мл/м2 | 84±3,8 | 70,1±2,3 | 0.003 |
| ОДЎ (КДР) (мм) | 58,4±1,0 | 57,4±0,9 | 0.459 |
| ОСЎ (КСР) (мм) | 45,4±1,0 | 42,8±0,7 | 0.036 |
| ММ (г) | 268,8±16,1 | 254,1±13,6 | 0.488 |
| ИММ (г/м2) | 137,6±9,4 | 110,5±6,2 | 0.019 |
Операциядан 1 йил ўтгач, асосий гуруҳ беморлари эхокардиографиянинг асосий кўрсаткичлари бўйича таққослаш гуруҳга нисбатан анча яхшироқ натижаларни намоён этдилар, бу эса юрак функциясининг янада самарали тикланганини кўрсатади (Жадвал 6).
Жадвал 6. Операциядан 1 йилдан сўнг ЭХОКГ кўрсаткичларининг қиёсий динамикаси
| Кўрсаткич | Таққослаш гуруҳи | Асосий гуруҳ | p |
|---|---|---|---|
| ЧҚОФ (ФВЛЖ) % | 43,4±0,8 | 49,3±1,3 | <0,001 |
| И-ОДҲ (и-КДО) мл/м2 | 78±3,1 | 68,2±1,9 | 0.009 |
| ОДЎ (КДР) (мм) | 57,7±1,3 | 56,8±0,7 | 0.544 |
| ОСЎ (КСР) (мм) | 44,4±0,8 | 40,6±0,5 | <0,001 |
| ММ (г) | 249,7±17,8 | 224,4±11,4 | 0.235 |
| ИММ (г/м2) | 119,1±8,4 | 105,1±5,5 | 0.167 |
Шундай қилиб, таҳлил шуни кўрсатадики, асосий гуруҳ беморлари кўпчилик кўрсаткичлар бўйича, айниқса ЧҚОФ (ФВЛЖ) ва И-ОДҲ (и-КДО) бўйича ҳам қисқа муддатли, ҳам узоқ муддатли кузатув даврида солиштирма гуруҳга нисбатан сезиларли даражада яхшироқ натижаларга эга бўлган.
Узоқ муддатли кузатув даврида митрал регургитация рецидиви частотаси асосий гуруҳда 5,0% (40 нафардан 2 тасида), таққослаш гуруҳида эса 12,5% (40 нафардан 5 тасида)ни ташкил қилди. Асосий гуруҳда рецидивлар частотаси пастроқ бўлишига қарамасдан, гуруҳлар ўртасида статистик аҳамиятли фарқ аниқланмади (p=0,432). Шу билан бирга, асосий гуруҳда рецидив ривожланиш частотасининг камайишига мойиллик кузатилди (Жадвал 7).
Жадвал 7. Гуруҳлар ўртасида митрал регургитация (МР) динамикасини таққослаш
| МР динамикаси | Асосий гуруҳ (n=40) | Таққослаш гуруҳи (n=40) |
|---|---|---|
| Ижобий | 31 (77,5%) | 21 (52,5%) |
| Ўзгаришсиз | 7 (17,5%) | 14 (35,0%) |
| Салбий | 2 (5%) | 5 (12,5%) |
Иккала гуруҳда митрал клапан етишмовчилиги динамикасини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, III даражали митрал клапан етишмовчилигига эга беморлар улуши статистик жиҳатдан аҳамиятли даражада камайган, шу билан бирга ҳам эрта, ҳам узоқ муддатли операциядан кейинги даврда I даражали етишмовчиликка эга беморлар улуши ортиб борган. Ушбу ўзгаришлар асосий гуруҳда янада яққолроқ намоён бўлган бўлиб, бу даволашнинг комбинирланган жарроҳлик усули юқори самарадорликка эга эканлигини кўрсатади (Расм 5, 6).
| Расм 5. Асосий гуруҳда митрал клапан етишмовчилиги динамикаси. Дастлаб: НМК 3ст (28), НМК 2ст (12)
Эрта оп.дан кейин: НМК 1ст (21), НМК 2ст (18) Узоқ муддатли: НМК 1ст (20), НМК 2ст (16), НМК 3ст (4) p < 0,05 |
Расм 6. Таққослаш гуруҳида митрал клапан етишмовчилиги динамикаси. Дастлаб: НМК 2ст (27), НМК 3ст (13)
Эрта оп.дан кейин: НМК 2ст (26), НМК 1ст (14) Узоқ муддатли: НМК 1ст (20), НМК 2ст (17), НМК 3ст (3) p < 0,05 |
Тадқиқот гуруҳларида операциядан 1 йил ўтгач SF-36 сўровномаси бўйича беморлар ҳаёт сифати қиёсий таҳлили шуни кўрсатдики, асосий гуруҳ беморлари таққослаш гуруҳига нисбатан ҳаёт сифати юқорироқ бўлган. Бу ҳолат жисмоний, эмоционал ва ижтимоий кўрсаткичларнинг яхшироқлиги, оғриқ даражасининг камайиши ҳамда умумий соғлиқ ҳолатини янада ижобий баҳолаш билан намоён бўлган (Расм 7).
Расм 7. SF-36 сўровномаси бўйича беморлар ҳаёт сифати қиёсий таҳлили
| Жисмоний функция (АГ: 78.1 vs ТГ: 68.9) | |
| Жисмоний фаолият билан боғлиқ чекловлар (АГ: 67.5 vs ТГ: 62.3) | |
| Эмоционал ҳолат билан боғлиқ рол чекланишлари (АГ: 84.5 vs ТГ: 76.4) | |
| Ҳаётий энергия (жонлилик) даражаси (АГ: 73.5 vs ТГ: 65.5) | |
| Руҳий соғломлик даражаси (АГ: 81.2 vs ТГ: 72.6) | |
| Ижтимоий фаоллик (АГ: 93.4 vs ТГ: 82.1) | |
| Оғриқ (АГ: 93.6 vs ТГ: 82.1) | |
| Соғлиқ ҳолати ҳақида умумий тасаввур (АГ: 85.1 vs ТГ: 70.9) |
Олинган маълумотлар асосида юракнинг ишемик касаллиги ва ишемик митрал етишмовчилиги бўлган беморларда жарроҳлик даволаш усулини индивидуал танлашга қаратилган даволаш тактикаси ишлаб чиқилди (Алгоритм).
| ЮРАК ИШЕМИК КАСАЛЛИГИ (ЮИК) ВА ИШЕМИК МИТРАЛ РЕГУРГИТАЦИЯДА (ИМР) ЖАРРОҲЛИК ДАВОЛАШ ТАКТИКАСИ | |
| КОРОНАРАГРАФИЯ — Коронар томирларнинг торайиши 50% дан кўп | |
| ЭхоКГ мезонлари: - МК да органик ўзгаришлар йўқ; - МК фиброз ҳалқа кенгайиши; - Юрак чап бўлмалари кенглиги; - Чап қоринча қисқариш функцияси пастлиги; - Марказий регургитация. |
Митрал клапан ўрта оғирликдаги етишмовчилиги: (Rvol) 30-60 мл | EROA 0,2-0,4 см2 Коморбид касалликлар: - Бемор ёши > 70 ёш; - Қандли диабет; - Сурункали буйрак етишмовчилиги; - Чап қоринча отиш функцияси < 30%. |
| ЙЎҚ (Коморбидлик бўлмаса): АКШ + МИТРАЛ КЛАПАН ПЛАСТИКАСИ |
БОР (Коморбидлик бўлса): Комбинацияланган операцияни ўтказиш имконияти бўйича мультидисциплинар муҳокама: ↓ АКШ off pump YOKI АКШ on pump кардиоплегиясиз |
ХУЛОСА
1. Ўртача даражадаги ИМР билан беморларни жарроҳлик даволашнинг бевосита натижаларини солиштирувчи таҳлил шуни кўрсатдики, АКШ + МК пластика аралашуви фақат АКШ билан солиштирганда эрта ёки умумий ўлим кўрсаткичлари ёки эрта постоперацион давр кўрсаткичларини яхшиламаган. Бироқ МКга аралашув амалга оширилганда қайталанувчи аҳамиятли митрал регургитация частотаси камайган (12,5% дан 5% гача; p<0,001) ва NYHA синфи 85,2% ҳолатда яхшиланиши мумкинлиги қайд этилган (p<0,001).
2. Бир омилли хавф омилларини таҳлили қониқарсиз натижалар учун қуйидаги муҳим предикторларни аниқлади: 70 ёшдан катталар (χ2=11,45, 95%DI=2,0–6,0, p=0,0009); ЧҚОФ (ФВ ЛЖ) <30% (χ2=12,67, 95%DI=2,1–6,3, p=0,0004); қандли диабет мавжудлиги (χ2=7,29, 95%DI=1,3–4,7, p=0,006); Сурункали буйрак етишмовчилиги (χ2=9,18, 95%DI=1,9–5,8, p=0,002).
3. ЮИК ва ИМР бўйича жарроҳлик даволашдан кейин беморларнинг ҳаёт сифати таҳлили натижалари шуни кўрсатдики, АКШ ва МК комбинацияланган аралашув бажарилган беморлар фақат реваскуляризация қилинган беморлар билан солиштирганда беморларнинг узоқ муддатли даврда жисмоний, эмоционал ва ижтимоий фаровонлигини сезиларли даражада яхшилайди.
4. ЮИК ва ИМР билан беморлар учун ишлаб чиқилган жарроҳлик тактикаси танлаш алгоритми, митрал регургитация даражаси, юрак чап қоринчаси отиш функцияси ва клапан анатомиясини баҳолашни ва полиморбид ҳолатларнинг мавжудлигини ўз ичига олади ва индивидуал ёндашувни таъминлайди. Шу орқали АКШ + МК пластика комбинациясини қўллаш билан асоратлар, қайта операциялар ва ўлим хавфини камайтириш, даволаш самарадорлигини ошириш ва беморларнинг узоқ муддатли ҳаёт сифатини яхшилаш мумкин бўлади.
[1] Nishimura et al., 2020 (ACC/AHA рекомендациялари) Nishimura R.A., Otto C.M., Bonow R.O. et al. 2020 ACC/AHA Guideline for the Management of Patients With Valvular Heart Disease. Circulation, 2021.
[2] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 28-январдаги «2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги ПФ-60-сон Фармони. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси.