Пойтахтимизда “Ўзбекистон — Қозоғистон: аҳоли саломатлиги йўлида – тиббиёт соҳасида ҳамкорлик” мавзусида форум ташкил қилинди. Унда 120 нафардан ортиқ қардош мамлакат вакиллари иштирок этиб, икки томонлама алоқалар истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик умумий дўстлик ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган. Икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқалар ҳам йилдан йилга мустаҳкамланмоқда. Шу кунларда мамлакатимизда ўтказилаётган Қозоғистон тиббиёти кунлари бу йўналишдаги ҳамкорликнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Қозоғистондан келган юқори малакали мутахассислар тўрт кун давомида Самарқанд, Бухоро, Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги тиббиёт муассасаларида бўлиб, кардиология, нейрохирургия, травматология, урология, онкология, гинекология, болалар жарроҳлиги, эндокринология ва бошқа йўналишларда 444 та тиббий маслаҳат, 64 та жарроҳлик амалиёти ҳамда 57 та семинар ва маҳорат дарсларини ўтказдилар.
Миллий тиббиёт маркази ҳамда ихтисослашган тиббиёт муассасаларида ҳам қўшма юқори технологиялик жарроҳлик амалиётлари бажарилди.
Тадбир давомида Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамограф, компьютер томографи, рентген, УТТ ва лаборатория ускуналари билан жиҳозланган тўртта мобил тиббиёт мажмуаси мамлакатимизга келтирилди. Ушбу мажмуалар ёрдамида Сирдарё ва Жиззах вилоятларида 1240 нафар аҳоли бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилди.
Форум сессиялари давомида икки мамлакат мутахассислари юқори технологиялик жарроҳлик амалиётларида замонавий технологияларни қўллаш, инновацияларга йўл очиш, билим ва тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Тиббий таълим йўналишида фаолият юритаётган мутахассислар ҳам академик мобилликни, билим ва кўникмалар алмашинувини мустаҳкамлаш масалаларида фикр алмашдилар.
Тошкент давлат тиббиёт университетида Қозоғистоннинг еттита олий таълим муассасаси вакиллари томонидан талабалар ўртасида фан олимпиадаси ва спорт мусобақалари ташкил этилди, ғолиблар форум доирасида тақдирланди.
Анжуманда икки давлатнинг тиббиёт олийгоҳлари, илмий ва ихтисослашган тиббиёт марказлари ўртасида бир қатор меморандумлар имзоланди.