Ўзбекистонда яна бир миҳим лойиҳа амалга оширилмоқда.

news_in

14.10.2024

"Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон Гуманитар Ёрдам Маркази Кўмагида Ўзбекистонда Кардиохирургик Амалиётлар"

Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон Гуманитар Ёрдам Маркази томонидан Ўзбекистон Республикасига йўналтирилган ҳайрия акцияси доирасида муҳим тиббий ташаббус амалга оширилди. Жумладан, «Академик В.Воҳидов номидаги Республика Ихтисослаштирилган Хирургия Илмий-Амалий Тиббиёт Маркази» давлат муассасасида кардиохирургик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун 20 дан ортиқ етук мутахассислар ташриф буюрди. Ушбу ташриф Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Бир ҳафта давомида марказ мутахассислари билан ҳамкорликда очиқ ва ёпиқ кардиохирургик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш режалаштирилган бўлиб, жараён давомида беморларга юқори сифатли хизмат кўрсатилади. Шунингдек, ушбу амалиётларнинг барча харажатлари ҳайрия фонди томонидан тўлиқ қопланади.

Лойиҳанинг амалга оширилиши олдидан «Академик В.Воҳидов номидаги Республика Ихтисослаштирилган Хирургия Илмий-Амалий Тиббиёт Маркази»да амалий анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси Ёусеф Салеҳ Алгаҳраҳ Ал-Отаиби, Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Таҳирович Султанов ва Ташқи ишлар вазирлигининг ваколатли ходимлари сўзга чиқиб, мазкур ташаббуснинг аҳамиятини таъкидлаб, лойиҳага омад тиладилар.