Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон Гуманитар Ёрдам Маркази томонидан Ўзбекистон Республикасига ҳайрия акцияси доирасида муҳим тиббий ташаббус амалга оширилди. Жумладан,«Академик В.Воҳидов номидаги Республика Ихтисослаштирилган Хирургия Илмий-Амалий Тиббиёт Маркази» давлат муассасасида кардиохирургик жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун 20 дан ортиқ етук мутахассислар ташриф буюрди. Ушбу ташриф Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги элчихона кўмагида амалга оширилди.
Ташрифнинг очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Таҳирович Султанов иштирок этди. У мазкур ҳайрия ташаббуси аҳамиятини таъкидлаб, Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини ривожлантиришда бундай халқаро ҳамкорликнинг катта рол ўйнаётганини қайд этди.
Саудия Арабистони мутахассисларининг ташрифи доирасида бир қатор мураккаб кардиохирургик амалиётлар ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, бу орқали юрак касалликларидан азият чекаётган кўплаб беморларга ёрдам берилади.

