18 сентябрь куни Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказига таниқли туркиялик хирург, профессор Камиль Ялчын Полат ташриф буюрди. У Memorial Bahçelievler клиникаси Органлар трансплантацияси маркази ҳамда Memorial Ataşehir клиникаси Умумий хирургия маркази раҳбари ҳисобланади. Профессорнинг асосий фаолият йўналишлари жигар ва буйрак трансплантацияси, умумий, роботик ва эндоскопик хирургияни қамраб олади.
Ташриф доирасида Марказ раҳбарияти билан учрашув ўтказилди. Шундан сўнг профессор илмий-амалий семинар ўтказиб, ўзининг клиник тажрибаси ва хирургик даволашнинг замонавий усуллари бўйича маъруза қилди. Марказ шифокорлари хорижий ҳамкасб билан долзарб клиник масалаларни муҳокама қилиб, ўзаро тажриба алмашдилар.
Шунингдек, профессор Марказнинг ихтисослаштирилган бўлимлари ва операция блоки фаолияти билан яқиндан танишди. Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Туркия мутахассислари ўртасидаги профессионал ҳамкорлик ва тажриба алмашинувининг давоми бўлди.