МРТ учун 25% чегирма 18:00 дан кейин. Бизнинг хирургия маркази халқимиз учун шанба куни қўшимча фаолият юритади.

ЎЗБЕКИСТОНДА ИЛК БОР: РОБОТ-АССИСТЕНТ ЁРДАМИДА БУЙРАК ТРАНСПЛАНТАЦИЯС

news_in

25.08.2026

2026 йил 24–25 август кунлари Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида мамлакатимиз трансплантологияси учун муҳим воқеа — Ўзбекистонда илк бор тирик қариндош донордан робот-ассистент ёрдамида буйрак трансплантацияси амалга оширилмоқда.

Биринчи операция 24 август куни муваффақиятли бажарилди. Бугун реципиент профиль бўлимда даволанмоқда: трансплантация қилинган буйрак фаолияти қониқарли, диурез адекват, лаборатор кўрсаткичларда ижобий динамика кузатилмоқда.

Бугун, 25 август куни, иккинчи беморда ҳам робот-ассистент ёрдамида буйрак трансплантацияси амалга оширилмоқда. Операция муваффақиятли кечмоқда.

Ушбу операциялар учун Фарғона ва Тошкент вилоятларидан иккита қариндош «донор–реципиент» жуфтлиги тайёрланган. Илк амалиётлар Марказ мутахассислари томонидан хорижий эксперт билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Робот-ассистент ёрдамида буйрак трансплантациясининг йўлга қўйилиши — Ўзбекистон хирургияси ва трансплантологияси тарихида янги босқич. Илгари бундай юқори технологик тиббий ёрдам учун беморлар хорижий клиникаларга мурожаат қилишга мажбур бўлган бўлса, эндиликда ушбу технология мамлакатимизда ҳам жорий этилмоқда.

Айниқса, беморларни текшириш, операцияга тайёрлаш, хирургик даволаш ва кейинги реабилитация жараёнлари «VAQF» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан беморлар учун бепул ташкил этилгани муҳим аҳамиятга эга.

Кечагина фақат етакчи хорижий клиникаларда амалга оширилган мураккаб технология бугун Ўзбекистонда ҳам беморларимиз учун хизмат қилмоқда.