Ғиждувонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида сайёр қабул ўтказилди

news_in

05.06.2026

Мулоқот соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, аҳоли мурожаатларини жойида ўрганиш, соҳадаги муаммо ва камчиликларни аниқлаш, тиббий хизматлар сифати ҳамда очиқликни янада ошириш, шунингдек, фуқароларни қийнаётган масалаларга тезкор ва амалий ечим топиш мақсадида ташкил этилди.
 
Унда фуқаролар, тиббиёт ходимлари ҳамда соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлардан келиб тушган 50 га яқин мурожаатлар ўрганиб чиқилди. Мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этувчи масалалар назоратга олинди. Шу жумладан, бир неча беморга давлат маблағлари ҳисобидан даволаниш учун йўлланмалар берилди ҳамда ишга жойлашишга доир мурожаатларга ижобий ечимлар топилди.
 
Мазкур тадбирнинг яна бир мақсади коррупциявий хатти-ҳаракатларни бартараф этиш ва тизимда шаффофликни таъминлашдан иборат бўлиб, бу бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилди.
 
Жумладан, Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида Одоб-ахлоқ комиссияси йиғилиши ўтказилди ҳамда унда бир неча масъулларга нисбатан интизомий жавобгарлик чоралари кўрилди.
 
Комиссиянинг вилоятни коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантиришга доир чора-тадбирлар режаси, бу борадаги ишларни кенг ёритишга йўналтирилган медиа-режаси ва бошқа қатор ҳужжатлар тасдиқланди ҳамда тегишли ўқув семинари ўтказилди.
 
Тадбир доирасида малакали шифокор ва мутахассислар иштирокида кенгайтирилган тиббий кўрик ташкил этилгани туман аҳолиси учун айни муддао бўлди.
 
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозланган мобиль комплекслар жалб қилиниб, тиббий хизматлар шу жойнинг ўзида амалга оширилди.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.