Хирургия Маркази директори — Фарғона водийсида хизмат сафари билан

news_in

13.04.2026

Хирургия Маркази директори С.И. Исмаилов Фарғона водийсида хизмат сафарида бўлди. Сафарнинг асосий мақсади — ҳудуддаги жарроҳлик хизмати ҳолатини ўрганиш, жарроҳлик ёрдамини ташкил этиш ва жойлардаги бирламчи тиббиёт муассасалари фаолиятини баҳолашдан иборат.

 

Ташриф доирасида директор Данғара, Бешариқ, Учкўприк туманлари ҳамда Қувасой ва Қува шаҳарларида бўлди. Ҳар бир ҳудудда туман тиббиёт бирлашмалари фаолияти, жарроҳлик ёрдамини кўрсатиш шароитлари ҳамда бирламчи бўғин иши билан танишилди.

 

Асосий эътибор бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг аҳоли билан ишлаш тизими, жарроҳлик касалликларини эрта аниқлаш ва беморларни ихтисослаштирилган даволашга ўз вақтида йўналтириш масалаларига қаратилди.

 

Қува шаҳрида С.И. Исмаилов соғлиқни сақлаш тизимида пилот лойиҳа сифатида фаолият юритаётган марказлашган лаборатория иши билан ҳам танишди.

 

Сафар якунида Фарғона водийсидаги барча жарроҳлар ва жарроҳлик бўлимлари раҳбарлари иштирокида видеоконференция ташкил этилди. Унда мутахассислар малакасини ошириш, шифокорларни хорижий клиникаларга стажировкага юбориш ва замонавий даволаш усулларини амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

 

Шунингдек, замонавий лапароскопик ускуналар мавжуд бўлса-да, улардан етарли даражада фойдаланилмаётган айрим ҳудудлар фаолияти танқидий кўриб чиқилди. Замонавий каминвазив жарроҳлик технологияларини ҳудудий амалиётга кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди.