Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида АВО-номутаносиб, яъни қон гуруҳлари мос келмайдиган ҳолатда буйрак трансплантацияси операциялари 2023 йилдан бери мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Ҳозирги кунга қадар марказда 30 дан ортиқ шундай операциялар муваффақиятли бажарилган.
Маълумки, бундай трансплантацияларда асосий мураккаблик операциянинг ўзида эмас, балки реципиентни тўғри иммунологик тайёрлаш, операциядан кейинги даврда тўғри даволаш ва доимий кузатувни ташкил этишда намоён бўлади. Шу сабабли бундай беморлар марказ мутахассислари томонидан доимий динамик назорат остида бўлади.
Шу каби кузатувнинг мисоли сифатида, кеча марказда АВО-номутаносиб буйрак трансплантацияси ўтказилган беморлар режали текширувдан ўтди.
— С.Ж. (1993 й.т.). Реципиент: I (O) Rh+, донор — опаси II (A) Rh+. Операция 2024 йилда амалга оширилган.
— К.Р. (1995 й.т.). Реципиент: II (A) Rh+, донор — отаси III (B) Rh+. Операция 2025 йил январь ойида бажарилган.
Кўрик давомида беморларнинг умумий ҳолати ва трансплантат функцияси баҳоланди. Барқарор ҳолат ва ижобий динамика қайд этилди.
Бу эса мамлакатимизда трансплантология соҳасида қўлланилаётган юқори технологиялар самарали натижалар бераётганини яна бир бор тасдиқлайди.