Хирургия марказида маҳалла раислари учун бепул тиббий кўрик ўтказилди

news_in

27.04.2026

Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида 28 апрель куни маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари учун бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.

 

Маҳалла раислари аҳолига энг яқин ишловчи муҳим бўғин ҳисобланади. Уларнинг кундалик фаолияти катта масъулият, доимий мулоқот ва стрессни талаб қилади. Шу боис уларнинг соғлигини мунтазам назорат қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва меҳнат қобилиятини сақлаш муҳим аҳамиятга эга.

 

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, Хирургия маркази директори профессор С.И. Исмаилов ташаббуси билан Олмазор тумани 10-Чуқурсой округида жойлашган 11 та маҳалла раислари тиббий кўрикдан ўтказилди: «Янги Тошкент», «Пахта», «Мояриқ», «Гулзор», «Элпарвар», «Аҳил», «Иброҳим ота», «Чуқурсой», «Гулсарой», «Истиқбол» ва «Умид».

 

Тадбирдан мақсад — маҳалла раисларининг соғлигини мустаҳкамлаш, профилактик тиббий хизматни кучайтириш ва уларнинг жамоатчилик фаолиятини қўллаб-қувватлашдан иборат.