ВЕНА, 10 март. /“Дунё” ахборот агентлиги/. 2026-йил 3–8-март кунлари Ўзбекистон мутахассисларидан иборат илмий делегация тиббий визуализация соҳасидаги энг йирик халқаро тадбирлардан бири — Европа радиология конгресси (ECR)да иштирок этди, деб хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.
Конгресс анъанага кўра бутун дунёдан етакчи мутахассислар, тадқиқотчилар ва клиницистларни тиббий визуализация технологиялари, рақамли инновациялар ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш соҳасидаги сўнгги ютуқларни муҳокама қилиш учун бирлаштиради.
Форумнинг илмий дастури доирасида ўзбекистонлик мутахассислар замонавий радиологиянинг асосий йўналишларига бағишланган бир қатор тадқиқотларни тақдим этдилар. Хусусан, тақдимотлар мия шиши мультимодал диагностикаси, магнит-резонанс спектроскопиясини қўллаш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда мия тузилмаларининг миқдорий таҳлили ҳамда компютер томографияси маълумотларини таҳлил қилишда сунъий интеллект алгоритмларини қўллашни қамраб олди.
Бундан ташқари, Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази профессори Нигора Жураева “Advancing Practice in Radiography: Challenges, Education and Innovation” номли илмий сессияга модераторлик қилди. Сессия давомида радиография амалиётига замонавий ёндашувлар, мутахассислар тайёрлаш масалалари ва тиббий визуализация соҳасида инновацион технологияларни жорий этиш муҳокама қилинди.