Хирургия Марказида — юқори технологияли операцияларнинг янги даври

news_in

05.01.2026

Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази расман роботлаштирилган хирургия босқичига қадам қўйди. 2025 йилда Марказ томонидан Edge Medical MP-1000 хирург-ассистент роботи харид қилинди ва 29 декабрь кунига қадар тўлиқ ўрнатилди. Бу — ўз тоифасидаги энг замонавий тизимлардан бири.

Янги технологияни жорий этиш учун тўлиқ янгиланган операцион тайёрланди: замонавий хирургик ёритгичлар, юқори аниқликдаги операция столлари, муҳандислик коммуникациялари ва халқаро стандартларга жавоб берадиган шарт-шароитлар яратилди. Бу оддий жиҳозларни алмаштириш эмас, балки бутун хирургик муҳитини комплекс равишда модернизация қилишдир.

Марказимизда кадрлар тайёрлаш ишлари изчил давом этмоқда.
Янги йилга қадар Марказнинг икки нафар мутахассиси MP-1000 билан ишлаш бўйича ихтисослаштирилган симуляцион марказда ўқувдан ўтди. Айни пайтда яна уч нафар юқори малакали жаррохларимиз ушбу робот билан ишлаш бўйича таълим олиш жараёнида. Улар қайтиши билан Хитойнинг етакчи мутахассислари иштирокида қўшма роботлаштирилган операциялар ўтказиш режалаштирилган.

Бу шунчаки робот эмас. MP-1000 хирургияга бўлган ёндашувни тубдан ўзгартиради.
Хирург янги даражадаги назорат имкониятига, бемор эса — янада юқори хавфсизликка эга бўлади

Ҳаракатлар заргарлик каби аниқлик эга бўлади, кўриш имконияти 3D ҳажмли ва юқори деталлашган, операция эса имкон қадар кам инвазив тарзда амалга оширилади. Илгари катта кесмали хирургик аралашув талаб этилган ҳолатларда, энди минимал инвазив усул етарли бўлади. Бу эса беморда камроқ шикастланиш, тезроқ тикланиш, шифохонада қисқароқ ётиш муддати ва юқори клиник натижаларни англатади.