Ўзбекистонда илк бор робот-ассистентли жарроҳлик тизими расмий ишга туширилди.

news_in

16.01.2026

Бугун, 2026 йил 16 январ куни, Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази жарроҳлик марказида робот-ассистентли жарроҳлик тизимини расмий ишга тушириш бўйича тантанали маросим бўлиб ўтди. Ушбу тизим Ўзбекистон Республикаси давлат соғлиқни сақлаш тизимида жорий этилган биринчи роботлаштирилган жарроҳлик мажмуаси ҳисобланади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Бобоев Алишер Шукруллаевич, Марказнинг етакчи мутахассислари ҳамда Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган хорижий экспертлар иштирок этдилар. Видеоконференция алоқа тизими орқали мамлакатимизнинг барча вилоят кўп тармоқли шифохоналарининг жарроҳлик бўлимлари маросимга уланди.

Расмий қисмдан сўнг, тасдиқланган дастурга мувофиқ, Ўзбекистон давлат соғлиқни сақлаш тизимида илк робот-ассистентли операциялар бажарилди.

1960 йилда туғилган беморда, “йўғон ичак ўсмалари” ташхиси билан ҳамда
1971 йилда туғилган беморда, “диафрагма қизилўнгич тешиги чураси” ташхиси билан робот-ассистентли жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли амалга оширилди.

Операциялар Хитой Халқ Республикасининг етакчи мутахассислари — профессор Цуй Чунхуи (Cui Chunhui) ва доцент Се Ланг (Xie Lang) ҳамда Марказнинг маҳаллий жарроҳлари ҳамкорлигида бажарилди.

Роботлаштирилган жарроҳликнинг ишга туширилиши Ўзбекистонда кам инвазив ва юқори технологияли операцияларни ривожлантиришда янги босқични бошлаб беради, миллий робот-ассистентли жарроҳлик мактабини шакллантириш ва замонавий технологияларни ҳудудий тиббиёт муассасаларига босқичма-босқич жорий этиш учун мустаҳкам замин яратади.