Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев бошчилигида 2025 йил 10 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари билан ўтказилган йиғилишда берилган Президент топшириғига мувофиқ, ихтисослаштирилган марказлар ва тиббиёт муассасалари раҳбарларига ривожланган давлатлардан менежер-экспертларни ишга жалб этиб, замонавий бошқарув усулларини жорий қилиш ҳамда муассасалар фаолияти самарадорлигини ошириш вазифаси юклатилган эди.
Мазкур топшириқ ижроси доирасида Жанубий Корея Республикасининг «DK Consulting» компаниясидан клиникалар фаолиятини ташкил этиш ва hospital management соҳасида катта тажрибага эга менежерлар Академик В. Вахидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида (Хирургия маркази) ўз иш фаолиятини бошлади.
Халқаро бошқарув кадрларини жалб этишдан кўзланган асосий мақсад — марказнинг ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш, клиник жараёнлар самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий «hospital management» стандартларини босқичма-босқич жорий этишдан иборат.
Ҳамкорлик доирасида DK Consulting мутахассислари стратегик режалаштириш тизимини оптималлаштириш, рақамли бошқарув ечимларини ривожлантириш, клиник амалиётга тежамкор бошқарув тамойилларини жорий этиш, шунингдек тиббий ёрдам сифати ва хавфсизлигини ички назорат қилиш механизмларини такомиллаштиришда бевосита иштирок этади.
Маълумки, Жанубий Корея Республикаси тиббий хизматларни самарали ташкил этиш, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш ва юқори технологияли тиббий ёрдамни бошқариш соҳасида дунёда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Ушбу илғор тажрибани амалиётга татбиқ этиш Хирургия марказининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш ва унинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Қўшма иш режаси доирасида бошқарув жараёнларини комплекс аудит қилиш, институционал ривожланиш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, маъмурий ходимларни замонавий операцион менежмент инструментларига ўқитиш ҳамда бўлимлар самарадорлигини баҳолаш учун KPI-моделларини жорий этиш назарда тутилган.
Марказ раҳбарияти мазкур ташаббусни муассасани модернизация қилиш ва уни халқаро даражадаги клиникага айлантириш стратегиясини амалга оширишда муҳим ва тизимли қадам сифатида баҳоламоқда.