Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида Туркиянинг Memorial Health Group тиббий гуруҳи делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Ташриф давомида меҳмонлар марказ фаолияти, юқори технологияли хирургия, трансплантология соҳасидаги имкониятлари ҳамда тиббиёт кадрларини тайёрлаш тизими билан танишдилар.
Учрашув давомида орган трансплантацияси, роботик хирургия, онкология, қўшма илмий тадқиқотлар, таълим дастурлари, халқаро консилиумлар, мастер-класслар ва мутахассислар стажировкаларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Memorial Health Group Туркиянинг энг йирик хусусий тиббий тармоқларидан бири бўлиб, 13 та шифохона ва тиббий марказни бирлаштиради ҳамда дунёнинг 160 дан ортиқ давлатларидан келган беморларга тиббий хизмат кўрсатади. Гуруҳ таркибида JCI халқаро аккредитациясига эга ва трансплантология, онкология, кардиохирургия ҳамда роботик хирургия соҳаларида етакчи ҳисобланган клиникалар фаолият юритади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирдилар.