Хирургия марказида Пирогов университети вакили билан учрашув бўлиб ўтди

news_in

01.04.2026

Хирургия марказида Россия Миллий тадқиқот тиббиёт университети Н.И. Пирогов номидаги Тошкент филиали директорининг ўринбосари Екатерина Алексеевна Иванова билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда марказ директори ҳам иштирок этди.

 

Суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Жумладан, Хирургия маркази базасида Пирогов номидаги тиббиёт университети талабалари учун клиник база очиш масаласи кўриб чиқилди. Режага кўра, талабалар бу ерда амалий тайёргарлик ўташ, замонавий жарроҳлик фаолияти билан яқиндан танишиш, даволаш-ташхис жараёнларини кузатиш ҳамда муҳим клиник тажриба орттириш имконига эга бўладилар.

 

Шунингдек, марказ мутахассисларининг мазкур университет бакалавриат талабаларига таълим беришда иштирок этиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Талабаларга амалий кўникмаларни етказиш, замонавий жарроҳлик муҳитига жалб этиш ва таълим жараёнини самарали ташкил этишнинг мумкин бўлган шакллари муҳокама қилинди.

 

Томонлар, шунингдек, имзоланган меморандум доирасида амалий ва илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан стажировкалар ташкил этиш, қўшма илмий ишлар тайёрлаш, академик алмашинувлар ва қўшма таълим ташаббусларини амалга ошириш масалаларини ҳам кўриб чиқдилар.

 

Учрашув конструктив ва манфаатли руҳда ўтди ҳамда Хирургия марказининг таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.